Президентнинг тегишли фармони билан 2023 йил 1 сентябрдан умумий ўрта таълим муассасалари директорларига ўз ўринбосарларини ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш, ажратилган умумий соатлар доирасида ўқув режаларига 15 фоизгача ўзгартириш киритиш масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.

Туман, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятини текшириш ва таълим сифатини баҳолаш бўйича ваколатлари бекор қилинади.

Шунингдек, 2024 йил 1 январдан давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади.

Давлат боғча, мактаб ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагогларига малака тоифаси учун синовлар 1 йилда камида бир маротаба икки босқичда ўтказилади.

Мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш жорий этилади.

2024 йил 1 июндан боғчалардаги олий маълумотли тарбиячиларнинг ойлиги мактаб ўқитувчилари ойлигига тенглаштирилади.

ЎзАнинг шу каби қисқа видеоларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боринг.

 

Фаррух Худоёров, Искандар Исматов (видео), ЎзА