Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикасининг етакчи олий таълим муассасалари халқаро таълим хизматлари бозорида ўзининг рақобат мавқеини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.

Дунёнинг энг нуфузли рейтинг ташкилотларидан бири ҳисобланган «Times Higher Education» (THE) 2023 йил натижаларини эълон қилди.

Рейтингнинг асосий мақсади Бирлашган миллатлар ташкилоти томонидан 2030 йилга қадар мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда олий таълим муассасаларининг  таъсирини баҳолашдан иборатдир.

«THE University Impact Rankings»  умумий рейтингида иштирок этиш учун университет камида тўртта БРМни амалга оширишда иштирок этиши керак. Ўтган йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илк бор ушбу рейтингга киритилди ва жаҳоннинг энг яхши 1000+ университетлари қаторидан жой олди.

Илк уринишдаёқ бундай натижа қайд этиш университет жамоаси учун ўзи танлаган йўли ва мақсадларидан оғишмай ҳаракат қилиши лозимлигини англатди.

Университетда барқарор ривожланиш мақсадларининг барча йўналишларида самарали фаолият йўлга қўйилганини 2023 йил натижалари ҳам кўрсатиб турибди. Бу йил натижаларига кўра Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети дунёнинг энг яхши 600+ ОТМлари қаторидан жой олди. Иккинчи йилдаги иштирокнинг ўзидаёқ қарийб 400 ўринга юқорилаш мисли кўрилмаган ижобий натижадир. Айниқса, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор бўйича дунёнинг топ 20 та университети қаторидан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ҳам  ўрин эгаллагани жуда қувонарлидир.

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар таълимига қаратилаётган эътибор бўйича дунёнинг топ 20 та университетлари қаторидан жой эгаллади. Бундан ташқари, университет таълим сифати кўрсаткичи бўйича 201+, қашшоқликка барҳам беришга кўмаклашиш бўйича ҳам 200+, тинчлик ва адолатли таълимни кафолатлаш кўрсаткичида ҳам 200+, муваффақиятли ҳамкорлик бўйича 800+ натижани қайд этди. Шундай қилиб, ушбу университетнинг умумий кўрсаткичлари дунёнинг топ 600+ университетлари қаторида қайд этилиши учун етарли бўлди. Бу энг аввало университетда таълим ва тарбия жараёнининг тўғри йўлга қўйилгани, жамоанинг тизимли ва самарали фаолияти натижасидир.

Бу йил университет мазкур рейтинг доирасида Ўзбекистон ОТМлари орасида етакчилик қилмоқда.

 

Н.Усмонова,

ЎзА