Муносабат

Ҳозирги даврда ҳар бир депутат фаолиятида ташаббускорлик, фидойилик, ўз ишига дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, ҳар бир депутат ўзи сайланган ҳудуддаги халқ билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўриш учун ҳаракат қилиб бориши керак.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманининг Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам 2023 йилнинг ярим йиллик иш фаолияти давомида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратишди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги борасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, Ҳукумат қарорларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида туманда тарғибот-ташвиқот ишлари жадаллаштирилди, оммавий ахборот воситалари орқали депутатлар томонидан кўплаб чиқишлар қилинди.

Мурожаатлар билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларнинг ижобий ечимига эришиш – диққат марказимиздаги масалалардан саналади. Чунончи ўтган даврда депутатларимизга 100 тадан зиёд мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки,  бу мурожаатлар турли хил соҳаларга тааллуқлидир.

Шунингдек, аҳолидан келиб тушган таклифлар таҳлил қилинганида, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти юксалаётгани, қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши жараёнларига дахлдорлик ҳисси ортаётгани, амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан фуқаролик позицияси шаклланиб бораётганлиги яққол сезилмоқда. Мисол учун, яқинда қабул қилинган Янгиланган Конституциявий Қонунга фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар бунинг яққол далилидир.

Умуман айтганда, депутатларимиз томонидан ўтган олти ой давомида муайян ишлар қилинди, аммо қилиниши лозим бўлган вазифаларимиз янада кўп. Ана шундай дахлдорлик билан галдаги ишларни бажаришга киришганмиз. Олдимизда мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараёнлардан бири – Президент сайлови турибди.

Бу сайловни ҳамжиҳатлик билан ўтказишда депутатларимизнинг ўрни беқиёс. Чунки, ҳар бир сайловчи билан тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда депутатларимизнинг ҳиссалари катта. Чунончи, ҳар бир сайловчининг овози замирида мамлакатнинг эртаси, авлодлар келажаги ва фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий ҳақ-ҳуқуқлари мужассам. Шунинг учун ҳар бир фуқародан сайлов жараёнларида юксак мулоҳазакорлик ва мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси талаб этилади. Негаки, халқ кимгаки юксак ишонч билдирса, эртага у бутун мамлакат тақдирини белгилаб берувчи жараёнларни бошқаради. Шу сабабли бу сайловни муваффақиятли ўтказишда халқ билан камарбаста бўлиб ишлашларида депутатларимизга куч-қувват тилаймиз. Зеро, сайловчилар ишончини оқлаш, инсон манфаатларини кафолатлаш, юрт тараққиётини юксалтиришга хизмат қиладиган вазифаларни сидқидилдан адо этиш асосий мақсадимиздир.


Рахима Юлдашева,

O’zLiDeP дан Халқ депутатлари Беруний туман Кенгаши депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги