Шу кунларда Норвегиянинг Ставангер шаҳрида шахмат бўйича мукофот жамғармаси 2 500 000 Норвегия кронасидан (тахминан 225 минг АҚШ доллари) иборат «Norway Chess» турнири ўтказилмоқда.

Кеча мусобақанинг блиц баҳсларида Нодирбек 9 имкониятдан 6 очко тўплаб, турнир етакчисига айланди.

5.5 очкодан жамғарган Алиризо Фируджа ва Шахриёр Мамедьяров 2-3-ўринларни эгаллади.

Ўйинлар жараёнида Н.Абдусатторов Магнус Карлсен (Норвегия), Алиризо Фируджа (Франция), Хикару Накамура (АҚШ), Аниш Гири (Нидерландия), Уэсли Со (АҚШ), Фабиано Каруана (АҚШ), Шахриёр Мамедьяров (Озарбайжон) каби номдор гроссмейстерларни ортда қолдиришга муваффақ бўлди.

Бугун, 30 май куни мазкур турнирнинг классик йўналишидаги мусобақалар бошланади. Рапид йўналишида жаҳон чемпиони ҳисобланган Нодирбек 1-турда оқ доналарда нидерландиялик Аниш Гири (2768) билан ҳисоб-китоб қилади. Шунингдек, Алиризо Фируджа (Франция) — Гукеш (Ҳиндистон), Шахриёр Мамедьяров (Озарбайжон) — Арян Тари (Норвегия), Фабиано Каруана (АҚШ) — Магнус Карлсен (Норвегия), Уэсли Со (АҚШ) — Хикару Накамура (АҚШ) илк турда рўбарў келишади.

Халқаро турнир 3 июнга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, 
ЎзА