Пойтахтимизда Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон ва Вьетнам давлатлари туризм тадбиркорларининг икки томонлама очиқ мулоқоти ўтказилди. Унда икки давлатнинг етакчи меҳмонхона брендлари ва туризм компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон ва Вьетнам ўртасида икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, икки давлат ўртасида сайёҳлар оқими ҳам аввалги йилларга нисбатан кескин ортди. Ўтган йилнинг якунларига кўра, Вьетнамдан Ўзбекистонга минглаб сайёҳлар ташриф буюрган.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2 миллион нафардан ортган. Туристик хизматлар экспорти салкам 650 миллион АҚШ долларига етган. Хориждан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сони 7 миллион нафардан ортиши кутилмоқда. Бунда Вьетнам давлати билан туризм соҳасида олиб борилаётган икки томонлама ҳамкорлик ҳам алоҳида ўрин тутади.

–Мамлакатимиз туризмини ривожлантиришда Ўзбекистон салоҳиятини хорижда янада кенгроқ тарғиб қилиш, халқаро авиақатновлар сонини кўпайтириш ва ноодатий тарзда хорижий сайёҳлар эътиборини жалб қилиш муҳим ҳисобланади, – дейди Маданият ва туризм вазирлиги департаменти раҳбари Темур Мажидов. – Вьетнам давлатида юртимизнинг тарихий масканлари, бой маданий мероси ва гўзал табиати билан яқиндан танишиш мақсадида бўлганлар сони ортиб бораётганини қадрлаймиз ва уларни мамлакатимизда кўришдан мамнун бўламиз.

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 5 мингга яқин меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда. Республика бўйича сайёҳларни қабул қилувчи ўринлар сони 100 мингдан ортди. Маданият ва туризм вазирлиги томонидан соҳада меҳнат қилаётган тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватланган ҳолда мамлакатимизда янги туризм йўналишлари фаолияти учун имкониятлар яратиб бериш устида иш олиб борилмоқда.

–Мамлакатимиз аҳолиси учун ҳамёнбоп тур-пакетлар ишлаб чиқиш ва уларнинг сифатли саёҳатларини ташкил этиш ҳамда Вьетнамдан Ўзбекистонга кириб келувчи сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз, – дейди “Prestige Travel” компанияси асосчиси Ойбек Аҳмедов. – Жумладан, июнь ойидан бошлаб пойтахтимиз Тошкент ва Вьетнамнинг Нячанг шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилади. Ўтган йили “Prestige Travel” компанияси томонидан 10 минг нафарга яқин ўзбекистонликларнинг Вьетнамга саёҳатлари ташкил этилган эди. Шу қаторида минглаб вьетнамлик турист мамлакатимизга ташриф буюрди. Ўзбекистонда илк бор Мисрга, Черногорияга, Вьетнамга ҳамда қатор Европа давлатларига биринчи марта тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилди ва саёҳатлар учун кенг йўл очилди.

Тадбир давомида хорижлик тадбиркорларга Ўзбекистонда туризм йўналишида яратилган имкониятлар ва охирги эришилган ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берилди.


Муҳайё Тошқораева, ЎзА