Энергетика вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда “Қуёшли маҳалла” махсус танловини ўтказмоқда.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 мартдаги фармойиши асосида аҳоли ўртасида кичик қувватли қуёш фотоэлектр тизимларидан кенг фойдаланишни жадаллаштиришга қаратилган.

Танлов қуёш панелларини ўрнатиш ва ундан фойдаланишни жадаллаштириш ҳамда ушбу ишларни рағбатлантириш, муносиб тақдирлаш ва бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, жамоатчилик орасида энергия ресурсларини тежаш, аҳолининг эътиборини қайта тикланувчи энергия манбаларига қаратиш ҳамда энергия ресурсларига нисбатан тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида уюштирилмоқда.

Танлов номинациялар бўйича 2023 йил 1 июндан 1 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла фуқаролари йиғинлари миқёсида ўтказилади ҳамда 14 та ҳудуднинг ҳар бири бўйича танловда қатнашувчи номзодлар ўртасида ғолиблар аниқланиб, мукофотланади.

Танловда иштирок этиш учун маҳалла фуқаролар йиғинидаги аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панелларининг жами қуввати 150 кВтдан кам бўлмаслиги ва маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хонадонларга қуёш панеллари танлов эълон қилинган кундан бошлаб, туман(шаҳар) ҳокимлигига тақдим этиш кунига қадар даврда ўрнатилган бўлиши шарт.

Танловда иштирок этиш ихтиёрийдир.

Ғолиблар қуйидаги мезонга кўра аниқланади:

бош соврин – қуввати 300 кВтдан;

1-ўрин – қуввати 250 кВтдан;

2-ўрин – қуввати 200 кВтдан;

3-ўрин – қуввати 150 кВтдан кам бўлмаган қуёш панелларини биринчилардан бўлиб ўрнатган ҳамда ҳудудий электр тармоғига уланиб ишлаб турган маҳалла (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғинлари орасидан аниқланади.

Танлов ғолибларига қуйидаги мукофотлар топширилади:

республика бўйича бош соврин – белгиланган мезонга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 200 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги электромобиль;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳарларининг ҳар бирида:

биринчи ўрин учун – белгиланган мезонга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги 10 кВт қувватли қуёш фотоэлектр тизимини ўрнатиб бериш;

иккинчи ўрин учун – белгиланган мезонга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги 5 кВт қувватли қуёш фотоэлектр тизимини ўрнатиб бериш;

учинчи ўрин учун – белгиланган мезонга мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари миқдоригача бўлган қийматдаги 3 кВт қувватли қуёш фотоэлектр тизимини ўрнатиб бериш.

Танлов ғолиблари тантанали равишда тақдирланади.

 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,  

ЎзА