Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 23-25 май кунлари юртимизга давлат ташрифини амалга оширган Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб ташриф дастурига кўра, 25 май куни Самарқандда бўлди.

“Афросиёб” поездида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари З.Маҳкамова ҳамроҳлигида қадимий кентга келган олий мартабали меҳмонни вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон Самарқанддаги муқаддас қадамжолар, тарихий маданий ёдгорликларни зиёрат қилди, бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Сингапур Президенти дастлаб Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Буюк муҳаддис ҳақига Қуръон  тиловат қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси М.Комилов олий мартабали меҳмонга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янгидан бунёд этилаётган мазкур мажмуадаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари, зиёратгоҳнинг аввалги ҳолати ҳақида маълумот берди. Зиёратчилар учун мажмуа ва унинг атрофида яратилаётган имконият ва қулайликлар зиёрат туризмини ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Ҳалима Яқуб хоним Ислом оламида муҳаддислар султони деб эътироф этиладиган Имом Бухорий мангу ором топган масканни обод қилиш билан боғлиқ ишларга юксак баҳо берди.

Сингапур Президенти Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бу ердаги музей фаолияти билан ҳам танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган халқаро марказда заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, муҳаддислар мероси тадқиқ этилаётгани, қисқа вақт ичида ўнлаб тарихий китоблар нашр этилгани ҳақида маълумот берилди.

Музейдаги тарихий ашёлар, турли даврларга оид Қуръон ва бошқа муқаддас китоблар нусхалари, буюк муҳаддиснинг ҳаёти хронологик тартибда ишланган суратлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ҳалима Яқуб хоним Ҳадис мактабида ҳам бўлди ва бу ерда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ҳамда тингловчилар билан суҳбатлашди. Мактабда ҳадис илмини ўрганаётган ёшлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлар эътироф этилди.

Сингапур етакчиси буюк жаҳонгир Амир Темур мақбараси ва дунёга машҳур Регистон мажмуасида бўлди.

Олий мартабали меҳмонга халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, жумладан, мазкур обидаларнинг яратилиш тарихи ва уларни асраб-авайлаш борасида давлатимиз томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар  ҳақида маълумот берилди.

Тиллакори мадрасасининг ноёб архитектураси ва бу ерда ташкил этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари кўргазмаси меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ҳалима Яқуб хоним шу ерда мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимларига интервью берди.

– Аввало таклиф учун Президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман, – деди Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқуб. – Бу ташрифлар икки томонлама муносабатларда янги даврни бошлаши, шубҳасиз. Самарқандга сафаримиз ҳам таассуротларга бой бўлмоқда. Айниқса, Ислом оламининг қутлуғ масканларидан бири бўлган Имом Бухорий мажмуаси зиёратидан жуда хурсанд бўлдик. Бу улуғ муҳаддиснинг илмий мероси бутун мусулмон дунёсининг бойлиги.

Сингапур Президенти ва делегация аъзолари Регистонда эсдалик учун суратга тушишди.

Ҳалима Яқуб хоним Самарқанд халқаро туризм маркази ва бу ердаги “Боқий шаҳар” мажмуасини бориб кўрди, қадимий Сиёб деҳқон бозорида бўлди.

Шу билан Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Яқубнинг юртимизга ташрифи якунланди.

Ғ.ХОННАЗАРОВ, Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбирлари