Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев Франция Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес раиси дастлаб давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Оролбўйини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш,  аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш  борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхталди. Бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик жадал суръатда ривожланиб бораётгани қайд этилди.

Элчи Орелия Бушез самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Ташрифи давомида оролбўйининг маданияти, сайёҳлик салоҳияти,  ҳудуднинг экологик ҳолати билан яқиндан танишишини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси билан ҳамкорликда Париж шаҳрида ўтказилган  “Salty Lives” (“Шўр ҳаёт”) арт-лойиҳаси жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини яна бир маротаба Орол фожеасига қаратди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили Францияга расмий ташрифи доирасида Лувр музейи ва Араб дунёси институтида Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган йирик кўргазмаларда И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи экспонатлари ҳам намойиш этилди.

Қабул якунида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири