Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазма саройида “Мулоқот” халқаро замонавий санъат лойиҳаси доирасида “Маъноларнинг кўчиши” мавзусида кўргазма очилди.

“Рухсор” замонавий тасвирий санъат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазмада ўн беш нафар рассомнинг сўнгги йилларда яратган асарлари намойиш этилмоқда.

Сўнгги пайтларда биз тарих ва замонда янги маънолардаги фантастик ҳамда глобал ўзгаришларни кузатдик. Бир томондан, бу янги технологияларнинг, сунъий интеллектнинг яратилиши, иккинчи томондан, муросасиз урушлар, можаролар, ёмонлашаётган экологик тизим ва иқтисодий вазият. Замонавий глобаллашган дунё турли муаммолар, ғоялар, ҳаракатлар, концепциялар, стратегиялар ва технологияларнинг мураккаб замон маконидир.

Тасвирий санъат замонавий кўп қатламли боғланишнинг бир қисми сифатида табиат ва жамият, тарих ва замонавийлик, цивилизация ва маданият, замонавий дунёда содир бўлаётган воқеаларни акс эттиради.

Ушбу лойиҳа доирасида экскурсиялар, маданият арбобларининг келажак музейларига бағишланган маърузалари тингланади ҳамда давра суҳбати бўлиб ўтади. Кўргазма 20 июнгача давом этади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА