Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини 70 ёшлик юбилейи билан самимий қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош Қозоғистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси алоҳида қайд этилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг май ойи бошида Тошкент шаҳрида ўтган йиғилишининг сермаҳсул натижалари юқори баҳоланди.

Қўшма ташқи савдо компаниясини ишга тушириш ва Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш юзасидан кўрилган амалий чоралар қайд этилди.

Икки мамлакат етакчилари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.