Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Тадбирда институт раҳбарияти, Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутасаддилари, бир қатор идора ва ташкилот вакиллари, талаба ёшлар иштирок этди.
Ярмаркага қирқдан зиёд ташкилот ва муассаса вакиллари ўзларининг бўш иш ўринлари билан қатнашди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан етмишдан ортиқ вакант ўрни, Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан инспектор лавозими, “Амударё текстиль” масъулияти чекланган жамияти механик, оператор, чилангар, лаборант каби бўш иш ўринларини иштирокчиларга таклиф қилди.
Шунингдек, ярмаркада Қорақалпоғистон Республикаси “Қоракўл” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси “Ишга марҳамат” мономаркази, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳайвонлар касаллиги диагностикаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ташкилотлари вакант ўринлари билан иштирок этди.
Талаба ёшлар иш берувчилар билан суҳбатлашиб, ўзлари қизиққан мутаҳассислик бўйича маълумотга эга бўлди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА