Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Маъмурий жарималарни ижро этиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама марказида бўлди.
Мазкур қонун лойиҳаси бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори М.Эгамбердиев маъруза қилди:
— Мамлакатимизда суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасида Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жариманинг миқдори ижро ҳужжатида ундирилиши белгиланган суммадан юқори бўлиши мумкин эмаслиги, Мажбурий ижро бюроси номидан маъмурий жазо қўллашга ваколатли бўлган мансабдор шахслар доираси аниқ белгиланмоқда.
Амалиётда Мажбурий ижро бюроси томонидан қўлланиладиган маъмурий жарима миқдорини ундирилиши лозим бўлган суммага нисбатан номутаносиб равишда бир неча карра юқори белгилаш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, ундирилиши лозим бўлган қарздорлик 150 минг сўм бўлса, ўз вақтида тўланмагани учун фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан 330 минг сўмдан 1 миллион 650 минг сўмгача жаримага тортилиши мумкин. Бу каби амалиётни бартараф этиш мақсадида ушбу қонун лойиҳаси тайёрланди.
Шу билан бирга, бугунги кунда МИБнинг ижрочи мақомида ишловчи исталган ходимида маъмурий жаримага тортиш ваколати мавжуд. Бу эса фуқароларнинг тегишли асосларсиз жаримага тортилиши каби турли суиистеъмолчиликларга сабаб бўлмоқда. Афсуски, бу каби айрим МИБ ижрочи ходимлари учраб турибди. Масалан, қонун нормаларини нотўғри талқин қилиш оқибатида 340 дан ортиқ шахсга нисбатан ноўрин жарима қўлланилгани аниқланган ва бу ноқонуний қарорлар бекор қилинган.
Шу боис ҳам МИБ номидан маъмурий жарима қўллаш ваколатига фақатгина Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош давлат ижрочилари, уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари эга эканлиги белгиланмоқда. Ушбу ўзгартишлар янги таҳрирдаги Конституциямиз нормаларига тўла мос келади, — деди Мажбурий ижро бюроси директори.
Муҳокамалар давомида депутатлар ҳужжат халқчил қонун лойиҳаси эканлигини, аҳоли манфаатларига тўла хизмат қилишини таъкидладилар. Унинг қабул қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, жарималарни тўлашда фуқароларга енгилликлар берилишига, Мажбурий ижро бюроси тизимида назорат кучайтирилишига ва суиистеъмолчиликларнинг олди олинишига асос бўлиши қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА