Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлис кун тартибидан бир қатор қонун лойиҳалари ва бошқа масалалар ўрин олган.

Мажлисни кириш сўзи билан очган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши, унда илгари сурилган мақсад-вазифалар ва топшириқлар хусусида тўхталиб ўтди.

— Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар эътироф этилиб, қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. Таъкидланганидек, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди, барча туманлар шароитига кўра 5 та тоифага ажратилиб, табақалашган енгилликлар берилди. Буларнинг натижасида ўтган йили 1 миллион нафар, бу йил биринчи чоракда 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

Йиғилишда ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1 триллион 500 миллиард сўм субсидиялар ажратилаётгани, “Ижтимоий ҳимоя реестри” орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оила, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ватандошларимиз моддий ёрдам билан қамраб олингани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, тадбиркорга шароит яратиш мақсадида 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши маълум қилинди.

Дастурга 2023-2024 йилда жами 1 миллиард доллар ажратиладиган бўлди. Бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурида иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади.

Таъкидлаш жоизки, аҳоли бандлиги масаласи қуйи палатамизнинг ҳам доим эътиборида. Депутатларимиз жойлардаги учрашувларда бу борада белгилаб берилган ҳар бир вазифа ва топшириқларни маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларига етказишда ҳамда жамоатчилик назоратини йўлга қўйишларида фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Бу борада таъсирчан парламент назоратини амалга оширишлари мақсадга мувофиқ бўлади. Ушбу йўналишдаги ишлар барча фракция ва қўмиталарнинг эътиборида бўлиши лозим, — деди Спикер.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА