Сенат ялпи мажлисини кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий тадбир – умумxaлқ референдуми юқори савияда ўтказилганига алоҳида тўхталди.
– 1 майдан янги Конституция кучга кирди. Ушбу ҳодиса миллий давлатчилигимиздан тортиб ҳар бир инсон ҳаётига сўзсиз катта таъсир ўтказади, – деди Т.Норбоева. – Бу эса бизнинг янги даврга қадам қўяётганимиздан далолатдир. Бунгача бир ҳақиқатнинг гувоҳи бўлдик – Конституция чин маънода халқ муаллифлигидаги ҳужжат бўлди. Ҳамюртларимиз, айниқса, ёшларнинг бу жараёнларда фаол иштироки уларнинг ўз тақдирига бефарқ эмаслигини, ўз юрти ривожига дахлдорлик ҳисси билан яшаётганини кўрсатди. Янгиланган Конституцияни ишлаб чиқишдан то уни референдумга қўйишгача бўлган барча жараёнларда халқимиз мустаҳкам сиёсий ишончи ва иродасини эркин намоён этиб, уни ёқлаб овоз бергани ҳам ушбу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Бошқача айтганда, халқимиз ўз сўзини айтди, келажак танловини ва ўз танлаган йўлидан хеч қачон ортга қайтмаслигини қатъий тасдиқлади. Конституциявий ислоҳотлар негизида мамлакатимиз ўз тараққиёт йўлининг янги босқичига қадам қўйди.
Н.Абдураимова,
А.Абдуллаев (фото), ЎзА