Самарқанд давлат университетига Туркиянинг Памуккале университети ректори, профессор Аҳмет Кутлухан бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Олиб борилган икки томонлама музокараларда агротехнологиялар, агрокимё ва ўсимликлар ҳимояси, шунингдек, боғдорчилик соҳаларида ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ташкил қилиш, магистратура ва докторантурада таҳсил олаётган ёш тадқиқотчиларнинг мазкур соҳаларга оид тадқиқотларида илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Самарқанд давлат университети ва Памуккале университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда бугунги кунда Туркияда ва жаҳонда эришилган замонавий агротехнологияларни, жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасида энг қулай, татбиқ этилиши осон ва самарали усуллар ва техникаларни бир жойда жамлаш мақсадида Инновацион агротехнологиялар трансфери офисини ташкил қилиш бўйича шартнома имзоланди. Марказ агрокимё, агротехнологиялар ва ўсимликлар ҳимоясига қаратилган муҳим йўналишларни ўз ичига қамраб олиб, мазкур соҳаларда илмий тадқиқотлар олиб бориш, тадқиқот натижаларини қишлоқ хўжалиги тармоқларига самарали татбиқ қилиш, соҳада замонавий ва малакали кадрлар тайёрлаш каби мақсадларни кўзда тутиши белгиланган.

– Бугунги учрашув икки томон учун ҳам манфаатли бўлишига ишончим комил, – деди Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлат Ражабов. –Янги ташкил этилаётган Агротехнологиялар трансферининг асосий фаолияти ақлли қишлоқ хўжалиги, ўсимликлар ҳимояси, экинларни парваришлашда инновацион мини техникалар, ақлли мини иссиқхона каби йўналишларда фаолият юритиши кутилмоқда. Мазкур офис талабалар, ёш олимлар ва фермерлар учун билим олиш, илғор тажрибаларни трансфер қилиш ҳамда агротадбиркорликни ривожлантириш маркази сифатида хизмат қилади. Соҳада етишиб чиқаётган бўлажак мутахассислар учун агротадбиркорликни йўлга қўйиш, аграр соҳада илмий тадқиқотларни ривожлантиришга замин яратади.

Ирода Бекмуродова  

Самарқанд давлат университети  

Ахборот хизмати ходими

ЎзА