Жорий йилнинг 4 май куни пойтахтимизда Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси томонидан Ўзбекистонда тинчлик ва бирлик қадриятларига бағишланган анъанавий Европа кунига старт берилади.

Европа кўникмалар йили  доирасида ўтказиладиган Европа кунида Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг  75 йиллиги ҳам диққат марказида бўлади.

Таъкидлаш керакки, 2023 йил – Европа кўникмалар йили  касбий ва ижтимоий интеграция ҳамда жамият ривожига йўналтирилган бўлиб, унда ёшларни, аёллар ва этник озчиликни қўллаб-қувватлашга, шунингдек, экологик ва рақамли жамиятга ўтишни рағбатлантирувчи, инновациялар ва рақобатбардошликни таъминлашга аҳамият қаратилади.

–Авлодлар ворислиги – ўзбек халқининг фарқли жиҳати. Ўзбекистон халқининг ажойиб «устоз-шогирд» анъанаси авлоддан-авлодга авайлаб сақланиб, бенуқсон ўтиб келади. Ёшлар ҳунар ва касбий кўникмаларни ёши катта устозлар қўлида ўрганадилар. Европа Иттифоқи ҳам ушбу тажриба ва билим алмашинуви силсиласига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бизнинг молиялаштирадиган лойиҳа ва дастурларимиз аёллар, ёшлар ва қишлоқ аҳолиси фаровонлиги учун хизмат қилади ҳамда уларни касбий кўникмалар билан таъминлайди, – деди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

Европа куни доирасида 5 май куни  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида классик мусиқа концерти ва  6 май куни  Тошкент Ботаника боғида «Европа куни» фестивали ўтказилади. Фестиваль Европа ва Ўзбекистон ўртасида таълим ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг аҳамиятини, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар маданияти ва анъаналарининг турфа хиллигини яққол намойиш этади.

Фестивалда «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарорлик», «Ўзбекистонда гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқларини илгарилатиш учун фуқаролик жамияти, жамоалар ва ҳокимият органларини мустаҳкамлаш», «Самарқанд шаҳрида қаттиқ чиқиндиларни бошқариш тизимини яхшилаш»,  «Erasmus+дастури» каби боғдорчиликни ривожлантириш фаолияти соҳасидаги 35дан ортиқ лойиҳа тақдим этилади.

Европа куни 6 май куни ўз ишини якунлайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА