Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га тушаётган мурожаатлар қандай ҳал этилмоқда?

Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова маълумот берди:  

– 2022 йилда Омбудсман номига аҳолидан, чет эл фуқароларидан ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, шунингдек, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шахслардан, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатлардан жами 17 минг 761 мурожаат келиб тушди.

Уларнинг 95 таси аноним, деб топилган бўлса-да, уларда кўтарилган муаммоли масалалар ўрганилди ва тегишли чоралар кўрилди.

Такрорий мурожаатлар сонини кескин камайтириш бўйича кўрилган чоралар натижасида улар сони 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 15,8 фоизга камайди.

2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлади. Бу эса фуқароларнинг марказга келиш вақтлари ва харажатларини тежаш, мурожаатларни тезлик билан жойига чиқиб ўрганиш, мониторинг ташрифлари қамровини кенгайтириш имконини берди.

Омбудсман томонидан давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 134  таъсир чораси шаклидаги ҳужжатлар киритилиб, уларнинг 20 таси хулоса, 36 таси тақдимнома ҳамда 78 таси даъво аризаларни ташкил қилди.

Омбудсманнинг фуқаролар манфаатида йўллаган мурожаатлари бўйича сўровига асосан ташкилотлар томонидан судларга 13 даъво аризаси киритилди. Омбудсман ходимлари 143 маротаба судларда кузатувчи сифатида иштирок этди.

Фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириши белгиланган маблағлар 2 миллиард 372 миллион сўмни ташкил этди.

Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 1 миллиард 358 миллион сўмдан ортиқ маблағ фуқаролар фойдасига ундирилди.

Бундан ташқари, 45,4 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланди.

Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича 505 миллион 914 минг сўм ундирилди.

Омбудсман кўмагида фуқароларга 447,1 миллион сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам ажратилган. Шунингдек, 13 нафар фуқаро ишга тикланди, 4 нафар фуқаро иш билан таъминланди. 14 нафар фуқаронинг зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик факти белгиланди. 7 нафар фуқарога пенсия ҳисоблашда инобатга олинмаган стаж қайта ҳисоблаб чиқилиши белгиланди.

Мурувват уйларида яшовчи 27 нафар шахснинг туғилганлик факти белгиланди ва ҳужжатлари расмийлаштирилди.

24 нафар хотин-қизл “Аёллар дафтари”га, 12 нафар фуқаро “Ёшлар дафтари”га, 5 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилди. 3 нафар фуқарога уй-жой ажратилиши ва 9 нафар аёл ва хотин-қизга “ҳимоя ордери” берилиши таъминланди.

Фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаатларини ўрганиш асносида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг уч нафар масъул ходими ўз вазифасини лозим даражада бажармагани учун интизомий жавобгарликка тортилган, бир нафарига қаттиқ огоҳлантириш берилган.

Ўн ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қабул қилинган қарорлар бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган.

Омбудсман сўровига асосан ваколатли давлат органлари томонидан масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, 3 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 22 нафар масъулга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди, 6 нафар масъулга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида “жарима” интизомий жазоси қўлланилди, 3 нафар масъул ишига совуққонлик билан ёндашгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Мурожаатларда аниқланган муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиш натижасида қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли ташкилотларга киритилди.

Омбудсманга 2022 йилда чет эл фуқаролари, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳамда чет давлатлар Омбудсманлари томонидан 61 мурожаат тушган. Шундан 26 та мурожаат Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар Омбудсманлари томонидан юборилди. Ушбу мурожаатларнинг 70 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган.

Н.Абдураимова, ЎзА