Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Мажлисни Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов кириш сўзи билан очар экан, дастлаб мамлакатимизда бўлиб ўтган референдум жараёнлари ва натижалари хусусида тўхталиб ўтди. Халқ танлови асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция талабларидан келиб чиқиб, амалдаги барча қонунларни такомиллаштириш, янги Конституцияга мувофиқлаштириш лозимлигини таъкидлади. Зеро, бирорта қонун ҳужжати Конституция нормаларига зид келиши мумкин эмас.
Шундан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мажлисда мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинди. Лойиҳа фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мақомини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, шу жумладан, маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўйича сайлов қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.
— Ушбу қонун лойиҳаси билан ҳар йиллик маҳаллий бюджетларда бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тартиби, шунингдек, ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгиланмоқда, — деди депутат Иномжон Қудратов. — Ушбу ўзгаришлар мамлакатимизда вакиллик органлари фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилади, фуқароларнинг ўз вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳар томонлама амалга оширишлари учун шарт-шароит яратади.
Бундан ташқари, лойиҳадаги яна бир муҳим янгилик бу – янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасидан келиб чиқиб, қонунчиликка муомалага лаёқатсиз шахслар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўшимча кафолатлар белгиланмоқда. Бу фуқароларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўймаслик бўйича ҳуқуқий кафолатларни янада кучайтиради.
Шунингдек, лойиҳада фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар йиғини раисининг мақомига оид айрим қонун ҳужжатларининг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқлаштирилмоқда. Марказий сайлов комиссияси, айниқса, вилоят, туман, шаҳар, округ ва участка сайлов комиссияси аъзоларига нисбатан талаблар ҳамда уларнинг ваколатларини тугатиш асослари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Шунингдек, лойиҳа билан сайлов қонунчилигидаги ўзаро номувофиқликлар ҳам бартараф этилиши назарда тутилмоқда. Хусусан, турли органларга такрорий сайловларни ўтказиш асослари ва тартиби ўзаро мувофиқлаштирилмоқда. Ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.
Бўшаб қолган ўринларга ҳамда янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш тартиби билан боғлиқ айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ҳам бартараф этилмоқда. Бундай сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишга доир тадбирларни амалга ошириш муддатларини белгилаш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу нормалар сайловларда қонунийлик ва холисликни таъминлашга хизмат қилади, — деди маърузачи депутат.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар лойиҳанинг аҳамияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Қайд этилганидек, лойиҳа халқаро стандартлар, хусусан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тавсиялари, Демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқ ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги конвенция талабларига мос.
Мажлисда ушбу қонун лойиҳасининг муҳимлиги инобатга олинган ҳолда кейинги ўқишларда ҳам қабул қилинди. “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси маъқуллаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА