Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “FAIR TECH” ягона ахборот тизими доирасида алоҳида модул ишлаб чиқилди. Бундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва фармацевтика соҳасида қонунчилик меъёрларининг истеъмолчи фойдасига ишлашини интерактив усулларда назорат қилишдир.

Ушбу янги тизим бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш онлайн тарзда тезкор амалга оширилади ҳамда коррупцияни келтириб чиқариши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинади. Шунингдек, соҳада янги йўналиш сифатида истеъмолчиларга етказилган зарарни қоплашнинг таъсирчан механизми жорий этилади.

Бунинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги «Аҳолини сифатли дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ белгиланган.

Янги тартибга кўра, 2023 йил 1 майдан истеъмолчилар томонидан дорихоналарда харид қилинган дори воситалари ва тиббий буюм харид чекларнинг QR-коди «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтказилганда белгиланган устамалардан ортиқча маблағ олинганлиги аниқланса, автоматик равишда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига хабар юборилиб, ортиқча олинган маблағни истеъмолчига қайтариш тизими ишга туширилмоқда.

Ҳозирда тармоқ Солиқ қўмитаси ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг электрон тизимлари билан ўзаро интеграция қилинган ва ҳамкорликдаги ўзаро маълумотлар алмашинуви бўйича ишлайди. Сифатли мониторинг тизимининг самарали ишлаши ҳамда техник жиҳатдан ишларни тезкор ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари планшетлар билан таъминланди.

Маълумот учун, юқоридаги Президент қарорига мувофиқ, дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорларда белгиланадиган чекланган савдо устамалари қўллаш тартиби белгиланган.

Қарор билан жорий йил 1 майдан янги тартиб кучга кирди. Ушбу янги тартибни ҳар томонлама сифатли назоратини таъминлаш мақсадида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг 14 ҳудудий бошқармасидан 1 нафардан ходим мазкур тизимга бириктирилди. “FAIR TECH” ягона ахборот тизимидан келган ҳуқуқбузарликларни таҳлил қилиб бориш ҳамда асоссиз равишда дори-дармон воситаларининг нархлари оширилган ҳолатлар аниқланса, тегишли тартибда чора кўрилиши бўйича бириктирилган масъул ходимларга амалий тушунтириш ишлари ўтказилди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»нинг 189-бандига кўра нархларни асоссиз равишда ошириш савдо қоидаларининг бузилиши ҳисобланади.

Г.Бобоева, ЎзА