Муносабат

Дунё тажрибасидан маълумки, мамлакатда камбағалликни қисқартириш, унинг оқибатларидан азият чекаётган аҳоли қатламлари турмуш даражасини ошириш ва ҳаётини барқарорлаштириш, зарурий шарт-шароитлар билан таъминлашда тадбиркорликнинг ўрни юқори саналади.

Шу боис мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар учун қулай бўлган ишбилармонлик муҳитини яхшилашга оид қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, минтақамизда энг қулай фискал тизимни яратиш бўйича катта ўзгаришларга эришилди. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий этилади. Бундан ташқари, хорижий инвесторларнинг ўз акцияларидан оладиган дивидендлари уч йил муддатга солиқдан озод қилинди, улар учун фойда солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, мамлакатда тадбиркорлар сонининг ортиб боришида хорижий инвесторларнинг ҳам ўрни муҳим саналади. Шу боис сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, бу борада қонун устуворлиги ва ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Натижада, ўтган йилнинг ўзида 100 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилинди, киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми 10 миллиард долларга етди ёки ислоҳотлар бошланган 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошди. 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди.

Бу жараёнда анъанага айланиб бораётган Тошкент халқаро инвестиция форумининг ўрни ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йил 27-28 апрель кунлари иккинчи бор ўтказилган ушбу нуфузли форум доирасида бир қатор хорижий давлатлар вакиллари ҳамда ишбилармон доиралар билан мамлакат иқтисодиётини янада жадаллаштириш, муносиб иш ҳаққига эга бўлган иш  ўринларини яратишга қаратилган бир қатор икки томонлама шартномалар имзоланди.

Шу билан бирга, форумнинг очилиш маъросимида давлатимиз раҳбари форум иштирокчилари учун Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги янги имкониятларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, дастлабки йўналиш сифатида бугун бутун дунё иқтисодиёти учун муҳим бўлган “яшил иқтисодиёт” борасида жадал ҳамкорликни кенгайтириш, бу борада Ўзбекистон жаҳоннинг энг нуфузли компаниялари билан қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга ошираётганлиги, бу – инвесторлар учун 8 миллиард долларлик имконият эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, мамлакатимизда давлат-хусусий шериклиги борасида ҳам тажриба ва имкониятлар етарли эканлиги таъкидланди. Хусусан, ислоҳотлар натижасида, олдинлари “ёпиқ” бўлган тармоқларга хусусий инвестициялар фаол кириб келмоқда. Масалан, аввал 100 фоиз давлат тармоғи ҳисобланган авиация соҳасида хусусий секторга кенг йўл очилди. Шу билан бирга, тез ўсиб келаётган ахборот технологиялари, туризм, таълим, тиббиёт каби соҳаларда Ўзбекистон минтақавий хабга айланиб бормоқда.

Умуман олганда, 2023 йилда давлат-хусусий шерикликни жорий қилиш бўйича 14 миллиард долларлик алоҳида дастурлар ишлаб чиқилган. Улар давлат учун муҳим бўлган транспорт, коммунал ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш каби тармоқларни қамраб олган.

Яна бир йўналиш 2023 йилда давлат мулкини хусусийлаштириш йўналишида “1 минг + 1 минг + 40” дастури жорий этилиб, йил охиригача, мингта корхонадаги давлат улушлари ҳамда яна мингта давлатга тегишли кўчмас мулк объектлари очиқ аукцион савдоларига чиқарилади, 40 та стратегик корхона “IPО”га олиб чиқилади.

Шунингдек, Президентимиз ўз нутқида бугунги кунда Ўзбекистон тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, электр техникаси, машинасозлик тармоқларида етарли хомашё ва малакали кадрларга эга эканлиги, шу боис нафақат мамлакатимиз шу билан бирга, минтақа давлатлари билан ташкил этилган қўшма инвестиция фондлари орқали саноат, энергетика, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга ошириш имкони борлиги ҳам айтиб ўтилди.

Якунда ушбу ислоҳотларнинг ҳар бир жараёнида хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари тўлақонли кафолатланиши ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида технопарк ва саноат зоналари, қўшимча имтиёзлар берилиши айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, икки кунлик форум доирасида хорижлик меҳмонларга Ўзбекистон ҳудудларининг инвестиция салоҳияти ва 160 дан ортиқ йирик лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Ўйлаймизки, бу йилги форум доирасида имзоланган шартнома ва лойиҳалар йил охирига қадар аҳоли турмуш фаровонлиги янада яхшиланиб, камбағаллик даражаси сезиларли қисқаришига хизмат қилади.

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА