Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қозоғистон Биохилма-хилликни сақлаш жамғармаси ҳамда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи ҳамкорлигида Ғарбий Тянь-Шань трансмиллий ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси ҳудудий қўмитасининг 3-йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда ЮНЕСКОнинг Ғарбий Тянь-Шань ҳудудига киритилган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар раҳбарлари, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон илмий муассасалари экспертлари иштирокида  “Ғарбий Тянь-Шань” ички назорат бўлими бўйича Ҳаракатлар режасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар қўриқхона фаолияти, сайёҳлар маркази ва табиат музейи билан ҳам яқиндан танишди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг 8 та қўриқланадиган табиий ҳудуди ўртасида илмий-тадқиқот ва табиатни муҳофаза қилиш борасида, шунингдек, экотуризм ва экологик таълимни ривожлантириш йўналишларида трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистоннинг 17 июлни – “Ғарбий Тянь-Шань” Бутунжаҳон мероси объекти куни деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, Ғарбий Тянь-Шань – Ўрта Осиё Тянь-Шань тоғ тизими таркибига кирадиган дунёдаги етти йирик тоғ тизмаларидан биридир. Ғарбий Тянь-Шаннинг турли ҳудудлари баландлиги 700 дан 4 минг 503 метргача ўзгариб туради. Ушбу объект биохилма-хилликка, турли ландшафтларга бой.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА