Тадбиркорлар эркин фаолият юритса, хусусий мулк дахлсизлиги, айниқса банкдаги пул маблағлари кафолатлари таъминланса, хусусий тармоқ ривожланиб бораверади.
Айнан шу мақсадга қаратилган қонунчилик такомиллаштирилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунга асосан тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда.
Мазкур қонун Сенат ялпи мажлиси кун тартибига киритилган.
Сенат қўмиталарида шу каби қонун ҳужжатларини ялпи мажлис олдидан яна бир бор кўриб чиқишга оид мажлислар бўлиб ўтди.
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун ҳам дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган қурилиш лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун жавобгарлик белгиланаётгани жуда долзарб масала экани қайд этилди.
Мажлисда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролар ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда масъул ходимларнинг масъулиятини ошириш зарурлигига ҳам эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА