БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Деҳқончилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш бўлими директори Жингюан Ся ва унинг техник маслаҳатчиси Ҳафиз Мўминжонов Тошкентга келди.
ФАО миссиясининг асосий мақсади ФАО минтақавий тадбири, Европа ва Марказий Осиёда “ОСОП” (“Бир мамлакат – бир маҳсулот”) мамлакатбай лойиҳаларини амалга ошириш бўйича семинар, шунингдек, “OCOП” Миллий ишчи гуруҳининг Ўзбекистонда ўтказиладиган биринчи йиғилишида иштирок этишдан иборат. Тадбирда минтақавий ва миллий даражадаги устувор йўналишлар, хусусан, “ОСОП” ташаббусини минтақада амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Миссия доирасида хорижий меҳмонлар ФАОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги ҳамкасблари билан учрашиб, мамлакатда ўсимликларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ асосий тадбирлар, хусусан, “ОСОП” ташаббусини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилади.
Бундан ташқари, расмий тадбирлар якунлангач, миссия аъзолари “ОСОП” ташаббуси учун устувор қишлоқ хўжалиги маҳсулотини танлаш мақсадида фермер хўжаликларига ташриф буюришни ҳамда қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот, консультация, таълим ва қишлоқ хўжалиги объектлари билан танишишни режалаштирган. Чет эллик меҳмонлар “ОСОП” ташаббусини янада ривожлантиришни муҳокама қилиш учун маҳаллий олимлар ва экспертлар, йирик фермер хўжаликлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан учрашишлари ва мулоқот қилишлари ҳам кўзда тутилган.
“ОСОП” Миллий ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши билан бир қаторда ўтказиладиган тадбир ва семинар мамлакатимизда ўсимликларни ҳимоя қилишни ривожлантириш ва “ОСОП” ташаббуси доирасидаги ишларни кучайтиришга алоҳида ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Ташриф 6 майгача давом этади.
М.Тошқораева, ЎзА