1 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ва иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Жумладан, ЎзХДП фракциясининг йиғилишида дастлаб фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Қорақалпоғистон Республикасида инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фаолиятини амалга ошираётган тадбиркорлик субъектлари 2023 йил 1 январдан 2028 йил 1 январга қадар бўлган даврда фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғини белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтирилган солиқ ставкалари бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари билан тўлаши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув жараёнига жалб этиладиган чет эл мутахассислари (ўқитувчилари) 2022 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябрга қадар бўлган даврда консуллик йиғимини тўлашдан озод қилиш каби яна қатор имтиёзлар назарда тутиляпти.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар ва уни қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, йиғилишда бир гуруҳ депутатлар томонидан қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 208-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини ишланмайдиган байрам кунлари қаторига қўшиш белгиланмоқда.
Фракциялар томонидан яна бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилиниб, қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА