Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига қарши курашиш мақсадида муддатсиз даврга мораторий эълон қилинган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп кўчат экилмоқда.
Бироқ, шунга қарамасдан ўсимлик дунёси объектларига зиён етказиш, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар экологик вазиятнинг кескинлашишига сабаб бўлмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун шу каби ҳолатларга чек қўйишга қаратилган.
Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлисида шу ҳақда гап борди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда уларни сақлаб қолиш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган қурилиш лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бундан ташқари, дарахт, бута ва ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш учун белгиланган жарима миқдори оширилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ўсимлик дунёсининг янада ишончли муҳофаза қилиниши, яшил ҳудудларнинг кенгайиши ва дарахтларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олишга имкон беради.
Мажлисда давлатимиз раҳбарининг “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича Сув хўжалиги вазирлигининг ахбороти ҳам эшитилди.
Айдар-Арнасой кўллар тизими Марказий Осиё минтақасининг табиий-иқлим шароитига, атроф-муҳитнинг ҳолатига таъсир кўрсатувчи яхлит экологик тизим сифатида “Асосан сувда яшовчи қушлар учун қўним ҳисобланган халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ ҳудудлар тўғрисида”ги Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган иқтисодий, маданий ва рекреациявий аҳамиятга эга бўлган ноёб объектлардан бири ҳисобланади.
Кейинги йилларда сув сатҳининг пасайиши натижасида қирғоқ бўйлари 15-50 метрга чекиниб, 15–20 см.гача, баъзи жойларда ундан ҳам кўпроқ туз қатлами ҳосил бўлган. Оқибатлари кўллар ва уларнинг атрофидаги экотизимдаги ўзгаришларда, шу жумладан, сувли-ботқоқли ҳудудларнинг ўзига хос флора ва фаунасининг камайиб боришида намоён бўлган.
Арнасой сув омбори орқали кўллар тизимига ташқи манбалардан 2023 йил 500 миллион метр/куб сув ташланиб, ҳозирга келиб сув ҳажми тахминан 37,7 миллиард метр/кубга тенглашган.
Масъулларга ҳудудда экотуризмни ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлаш, балиқчиликни ривожлантириш, ташқи ва ички манбаларда сув ташлаш барқарорлигига эришиш каби масалалар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Мажлисда Табиат ресурслари вазирлиги томонидан чиқиндиларни қайта ишлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши ва дарахтлар ноқонуний кесилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам кўриб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА