Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Бузилган ерларни рекультивация қилиш, тупроқнинг унумдор қатламини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга кўра республика ҳудудида ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш, бузилган ерларни рекультивация қилиш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ўз ваколатлари доирасида бузилган ерларни рекультивация қилиш ҳамда унумдорлигини тиклаш, тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш ишларининг сифати ва ўз вақтида бажарилиши бўйича қаттиқ назорат ўрнатади ва мониторинг олиб боради.
2023 йил 1 майдан бошлаб Тошкент шаҳри ва бошқа шаҳарларни кенгайтириш ҳамда ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланувчилар ушбу ер участкаларида тупроқнинг унумдор қатламини сидириб олиб, фойдаланишга киритиладиган ва рекультивация ишлари амалга ошириладиган ер майдонларига етказиб берилиши йўлга қўйилади.
2023 йил 1 августга қадар ер фондининг барча тоифаларидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ҳолати, шу жумладан, бузилган ва рекультивация қилинган ерлар тўғрисидаги маълумотлар базаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Геоахборот” тизимида жойлаштирилади.
ЎзА