“Анадолу” ёзишича, 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда Ўзбекистоннинг янги Конституцияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш мамлакат миллий қонунчилиги ва халқаро нормаларга мос ташкил этилди.
Бундай баҳо Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ва Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) кузатувчилар миссиялари раҳбарлари томонидан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида берилган.
ТДТ Бош котиби ўринбосари Омер Кожаман ташкилотнинг кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда 28 апрель куни иш бошлагани, овоз бериш куни 25 та участкада бўлганини маълум қилди.
У референдумга профессионал тайёргарлик кўрилгани, овоз бериш ва санаб чиқиш жараёни шаффоф ўтганини қайд этди.
Кожаман фуқаро ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаганини таъкидлади. “Шунингдек, натижага таъсир қилиши мумкин бўлган техник носозлик ҳам кузатилмади”, деди у.
ТуркПА кузатувчилари раҳбари Режеп Шекер гуруҳ аъзолари бутун жараён – сайлов участкаси очилишидан бошлаб, овозларни санаб чиқишгача бўлган воқеаларни диққат билан кузатиб борганини билдирди.
– Миссия Марказий сайлов комиссиясининг қуйи бўғин комиссияларини тайёрлаш ва референдум жараёни шаффофлигини таъминлаш бўйича фаолиятини ижобий баҳолади, – дея қўшимча қилди Шекер.
Г.Сатторова,
ЎзА