Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенцияси (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиниши кутилмоқда.
Конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритилган.
Қонуннинг қабул қилиниши енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида ишлайдиган ходимлар манфаатларини ҳимоялашни кучайтиришга хизмат қилади.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлисида ушбу масала кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Конвенция ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебраниш билан чақирилувчи касбий хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва уларни чеклашга ҳамда ушбу хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга йўналтирилган хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя этиш мажбуриятини юклайди.
Мазкур ҳужжат қабул қилинса, йирик корхоналарда фаолият юритаётган хотин-қизлар учун қулай ҳамда хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг масъулиятини оширади.
Н.Абдураимова,
ЎзА