Беларусь куйлари янграган оқшом

Пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Беларусь Республикаси маданият кунларига бағишланган тантанали концерт бўлиб ўтди.

Мазкур давлатнинг санъат усталари ва ижодкор ёшлари иштирокидаги концертга турли вазирлик ва идоралар, маданий-маърифий муассасалар мутасаддилари, санъат ихлосмандлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус вакиллари таклиф этилди.

3.JPG

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Беларусь Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари И.Дрига халқлар, мамлакатлар ўртасида дўстлик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашда, ўзаро маданий-маърифий алоқалар кенгайишида санъатнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.

Ўзбекистон билан Беларусь Республикаси ўртасидаги маданий алоқалар изчил ривожланмоқда. Юртимизнинг опера, хореография, мусиқа ижрочилиги соҳаларида изланаётган ёшлари ушбу давлатда бўлиб ўтган кўплаб халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этмоқда. Айни пайтда беларусь рассомлари, фотоижодкорларининг ижодий ишлари Тошкентдаги халқаро биенналелар, фотокўргазмаларда мунтазам намойиш этилмоқда. Кутубхоначилик, музейшунослик, етакчи илмий нашрлардан фойдаланиш, таълим соҳаси мутахассислари юртимиздаги маърифий конференцияларда фаол иштирок этмоқда.

4.JPG

– Тошкент тинчлик, дўстлик, биродарлик шаҳри, – дейди беларуслик хонанда И.Задорожний. – Бўлиб ўтаётган маданий тадбирларда бу жиҳатлар яна бир карра намоён бўлаётир. Жорий йилнинг кузида Беларусь Республикасида Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилиши халқларимиз ўртасидаги дўстлик, маданий-маърифий ришталарнинг тобора мустаҳкамланишида ўзига хос аҳамият касб этади.

Қадимий ва бой анъаналарга асосланган беларусь мусиқа санъати бетакрорлиги, жўшқинлиги билан диққатга сазовор. Концертда мазкур халқ мусиқа, хореография санъатининг энг сара намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

 

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА