Ўзбекистонда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш кўзда тутилган. Уларнинг улуши электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмида 30 фоиздан кўпроққа етказилади.

Қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида айни пайтда 2,9 миллиард  долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига жами 2 минг 897 МВт қувватга эга 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш ишлари бошланган.

Олий Мажлис Сенатида “Муқобил энергетикани ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш” мавзусида ўтказилган семинарда бу алоҳида қайд этилди.

Аҳоли хонадонларига кичик қувватли (умумий қуввати 50 кВт гача) қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда.

Аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига минг сўмдан субсидия ажратилиши бўйича маҳаллабай ишлар ташкил этилиб, тарғибот ишларини амалга ошириш кераклиги таъкидланди.

Семинарда сенаторлар ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш мақсадга мувофиқлигига эътибор қаратди.

Энергия самарадорлигини ошириш орқали республика ҳудудларида энергия тақчиллиги қопланишини таъминлаш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш мақсадида аҳолига, шу жумладан, инвесторлар учун қулай шароитлар ва рағбатлантириш механизмлари жорий қилингани юзасидан тарғибот-тушунтириш ўтказиш лозим. Бунда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланиш кераклиги айтиб ўтилди.

“Яшил” энергетикани ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, шунингдек, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш йўналишларида илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳалар, шу жумладан, истиқболли инновацион ишланмалар, “стартап” лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳам фикр алмашилди.

Сенаторлар, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда муқобил энергетикани ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш масалаларида сақланиб қолаётган айрим камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА