Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида битирувчи курс талабаларининг бандлигини таъминлаш ва иш берувчилар билан меҳнат шартномаси имзолаш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда  Қорақалпоғистон Республикаси “Чорванасл” маркази, “Қоракўл” уюшмаси мутасаддилари ҳамда битирувчи босқич талаба ёшлари иштирок этди.

Тадбирда филиал директори Адилбай Есимбетов ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатимизда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган  талаба ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борадаги давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Ташкил этилган ярмаркада 40 га яқин иш берувчи ташкилот ўзларидаги мавжуд  бўш иш ўринлари билан қатнашди.

Тадбир давомида  битирувчи босқич талабалари ва иш берувчилар яқиндан мулоқот ўтказиб, ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. Ушбу меҳнат ярмаркасида   иш берувчилар ва талабалар ўртасида жами 23 та меҳнат шартномаси имзоланди.

Жорий ўқув йилида филиални 3 та таълим йўналиши бўйича жами 75 нафар талаба битиради. Маълумот ўрнида шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ўтган йили илк битирувчилар ҳисобланган жами 36 нафар талабадан 31 нафари иш билан таъминланиб, ҳозирда филиалда ўзлаштирган билимларини   амалиётга татбиқ этиб келмоқда.

Тадбир давомида талаба ёшлар  ўзлари учун яратилаётган мана шундай кенг имкониятларни теран ҳис қилган ҳолда, келгусида соҳа ривожи йўлида хизмат қилишга сўз берди. Меҳнат ярмаркасида талабалар мавжуд бўш иш ўринлари билан яқиндан танишдилар. Энг аҳамиятлиси, иш берувчилар ва битирувчи босқич талабалари ўртасида эришилган фойдали келишувлар яқин келажакда ўзининг самарасини беради.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА