Касбига ва ўз бурчига бўлган садоқати билан хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган Икрам Матекеев оққўнгил ва матонатли инсон, масъулиятли, ҳалол ходим эди.

Умрининг сўнгги дақиқаларигача Она Ватанига, божхоначи қасамёдига содиқ қолиб, ўз халқига мардонавор хизмат қилган Икрам Ватанимиз сарҳадларида сергак туриб, давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда товарларининг олиб ўтилиши ва божхона қонун бузилишларига қарши курашишда муносиб ҳисса қўшди. Юзлаб автотранспорт воситаларини божхона кузатувига олиб, уларга ортилган товарларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлади, ўз касбий бурчини астойдил бажарди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари томонидан хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган божхоначи Икрам Матекеев хонадонига борилиб, онаси, фарзандлари ва яқинлари ҳолидан хабар олинди. Марҳум божхоначи руҳига Қуръон тиловат қилиниб, эзгу амаллари ёдга олинди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 мартдаги “Ватан ҳимояси ва эл-юртимиз тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари ҳамда уларнинг қарамоғидаги шахсларга бир қатор имтиёз ва кафолатлар берилмоқда.

Марҳум божхоначининг оила аъзолари учун яратилаётган имтиёзлар тушунтирилиб, улардан фойдаланиш тартиби бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Ушбу хонадон “Нукус” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан оталиққа олинган бўлиб, келгусида оила аъзоларининг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган имтиёз ва кафолатлардан тўлақонли фойдаланиши бўйича ўз ваколати доирасида амалий ёрдам кўрсатиб борилади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА