БМТ янгиликлар маркази маълум қилишича, яқинда ЖССТ мутахассислари иштирокида чивин чақиши билан одамга юқадиган касалликларга бағишланган брифинг бўлиб ўтган. Тадбирда чивин орқали юқадиган Денге  ва  Чикунгуня вирусли инфекциялари дунёнинг кўпгина минтақаларида жуда тез тарқалаётгани хавотир билан қайд этилган. Ушбу вируслар кенг тарқалишининг асосий омили глобал исиш бўлиши мумкин. Буни ЖССТ мутахассислари ҳам тасдиқлашмоқда.

Маълумки, ёғин кўп ёғса, чивин кўпаяди. Хавотир уйғотадиган яна бир жиҳат шуки, иқлим ўзгариши туфайли энди вирус ташувчилар аввал бўлмаган мамлакат, минтақаларда ҳам кўп учраяпти.

Денга

Денга хасталиги ҳозир дунё бўйлаб тез тарқалаётганига ҳам айнан чивин сабабчи. ЖССТ маълумотига кўра, ер юзида мазкур вирусни юқтирганлар 2000 йил 505 минг киши бўлган. 2019 йилга келиб, бу рақам 5.2 миллионга чиқди. 2022 йил Лотин Америкасида 2.8 миллион инфекция юқтириш, 1 280  ўлим ҳолати қайд этилган. Афсуски, ўсиш тенденцияси 2023 йил ҳам давом этмоқда.

Мутахассисларни айниқса, Боливия, Парагвай ва Перудаги вазият ташвишга солмоқда. 2010 йилдан буён Европада Денга безгаги билан касалланиш ҳолати мунтазам равишда қайд этиб келинмоқда. Осиёдаги тенденция ҳам хавотирли.
2022 йил июль ойидан бери Суданда 8 239 марта инфекция юқтириш ҳолати кузатилган ва 45 киши ушбу хасталик қурбонига айланган.

Денге иситмаси чивин орқали юқадиган, жуда кенг тарқалган инфекция. Вирус кўпинча тропик ва субтропик ҳудудларда учрайди.

Безгакка чалинган одамда ҳеч қандай аломат сезилмайди. Баъзан иситма, бош ёки тана оғриғи, кўнгил айниши, тошма сезилиши мумкин. Ҳолатни енгиллаштирадиган энг маъқул восита асетаминофен ёки парацетамол, дейишади мутахассислар.

Одатда иситма бир-икки ҳафта ичида йўқолади. Камдан кам ҳолда касаллик ўлимга олиб келиши мумкин.

Чикунгуня

Чикунгуня эпидемияси, асосан, Парагвай, Аргентина ва Боливияда кузатилаётгани, Бразилияда ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларида ҳам тез тарқалаётгани ҳақида хабарлар мавжуд. Ушбу касаллик учун нотипик ҳисобланган ўткир менингоенсефалит ва айни хасталик билан боғлиқ неонатал ўлим ҳолатлари қайд этилган. Фожианинг 70 фоизи 60 ёшдан ошган кишиларга тўғри келмоқда. Мазкур офат, айниқса, диабет ва гипертензиядан азият чекадиган ёки иммунитети заиф одамларни осон мавҳ этади. Ўлим ҳолатининг 20 фоизи туғруқ пайтида инфекция олган чақалоқларда содир бўлади.
Умуман, ЖССТ  таъкидича, чикунгунянинг ҳам оғир, ўлимга олиб келувчи белгиси кам учрайди.

Чикунгуня, одатда, иситма ва қаттиқ оғриққа сабаб бўлади, бўғим шишиги, мушак ва бош оғриғи, кўнгил айниши, чарчоқ ва тошма каби бошқа аломатлар ҳам безовта қилиги мумкин.

Ҳозирги вақтда чикунгуня вируси келтириб чиқарадиган юқумли касалликларга қарши вакцина ёки терапия мавжуд эмас.

Зика

ЖССТ сўнгги йилларда чивин орқали юқадиган бошқа бир касаллик – Зика иситмаси сезиларли даражада камайганини таъкидламоқда. Масалан, бу касаллик билан боғлиқ 2017 йилдаги 50 минг ҳолат 2018 йилда 30 мингга тушган. Сўнгги уч ойда Бразилия, Боливия, Гватемала, Белиз ва Колумбияда жами 3000 марта Зика касаллиги расман қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, бу эпидемия Лотин Америкасида илк бор 2016 йил, 600 минг кишида учраган. Ҳомиладор аёлнинг ушбу вирус билан касалланиши болада микросефалия ва бошқа туғма нуқсонни пайдо қилиши эҳтимоли мавжуд.

Инфекция, шунингдек, катталар ва болаларда, жумладан, Гуиллаин-Барре синдроми, нейропатия ва миелитда неврологик асорат хавфи ошиши билан боғлиқ. Иситма, тошма, конъюнктивит, мушак ва бўғимдаги оғриқ хасталикдан дерак бериши мумкин, дейди экспертлар.

Профилактика чораси ҳақида гап кетганда, шифокорлар маслаҳати қуйидагича:
Чивин орқали юқадиган касалликлар тарқалиши олдини олишнинг энг осон йўли чивин чақишига йўл қўймаслик. ЖССТ, масалан, тананинг кўп қисмини қоплайдиган очиқ рангли узун кийим кийиш, чивинга қарши восита қўллаш ва деразага чивиндан ҳимоя қилувчи тўр ўрнатилган хонада ухлашни тавсия қилади.
Бундан ташқари эрта ва самарали ташхис қўйиш, даволаш зарурлиги ҳам уқтирилади. Ҳозирча айни инфекцияга қарши биргина вакцина фойдаланиш учун тасдиқланган, яна икки хили ишлаб чиқиш жараёнида, дейди ЖССТ мутахассислари.

С.Раҳимов, ЎзА