Олтмиш йилдан ортиқ давом этган Германияда атом электростанцияси даври ниҳоясига етди. 16 апрель, якшанба кунига ўтар кечаси ишлаб турган Бавариядаги “Isar 2”, Баден-Вюртембергдаги “Neckarwestheim 2” ва Қуйи Саксониядаги “Emsland” станциялари тармоқдан узилди. Бу ҳақда “dpa” агентлиги хабар берди.

Атом энергетикаси мухолифлари бу тарихий воқеани кун давомида Берлин ва бошқа шаҳарларда митинг ўтказиб нишонлашди.

Айни пайтда АЭСнинг ёпилишига қарши бўлганлар кўчаларни тўлдиришди.

Германиянинг Атроф-муҳит ва ядро хавфсизлиги вазири  Штеффи Лемке “АЭСдан воз кечиб, мамлакатнинг янада хавфсизлиги ошди”, деб баёнот берди.

Ҳукумат коалициясига кирувчи Германия эркин демократик партияси – “СвДП” бош котиби Бижан Джир-Сарай мазкур технологиядан бутунлай воз кечмасликка чақирди.

“Ядро энергетикаси тугатилгач, кейин ҳам Германияда бу соҳанинг келажаги бўлиши керак. Бу термоядро тадқиқотларини кенгайтириш ва янги, хавфсизроқ ядровий парчаланиш технологияларини тақдим этаётган имкониятлардан фойдаланишни ўз ичига олади”, деди у.

Мамлакатнинг АЭСдан воз кечиш қарори 2011 йилда Япониядаги “Фукусима 1” атом электростанцияда юз берган йирик фалокатдан кейин қабул қилинган. Сўнгги учта станциянинг иши ўтган йилнинг декабрь ойи охирида тугаши керак эди. Украина зиддияти оқибатида юзага келган энергетика инқирози туфайли уларни тўхтатиш 15 апрелга қолдирилган эди.

 

ЎзА