Туркиянинг Ўрта ер денгизи қирғоғи табиат, тарих ва маданиятнинг мукаммал уйғунлиги билан ҳар йили миллионлаб маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ўзига жалб этиб келмоқда. Туркиянинг Анталия шаҳри ўзининг бетакрор табиати, илиқ ҳавоси ва ферузаранг денгизи билан бутун дунёга машҳур. Халқ орасида Турк Ривиераси номи билан танилган бу жойда сув остига шўнғиш, йирик гольф майдонлари, треккинг маршрутларидан фойдаланиш ҳамда миллий ошхона таомларидан баҳраманд бўлиш мумкин. Шунингдек, бу ерда антик даврга оид кўплаб тарихий обидалар бор.

Туркия Ривиерасининг марказида жойлашган Анталия шаҳри ўзининг 229 та соҳили ва афсонавий тарихий диққатга сазовор ер усти бойликлари билан дунёга машҳур. Бу ерга келган сайёҳлар мафтункор Караин, Дим ва Дамлаташ ғорларини ўзлари учун кашф этишлари мумкин. Анталия вилояти чегараларида дунёдаги энг ҳаяжонли треккинг (пиёда юриш) йўллари, жумладан, Ликия йўли, Писидия йўли ва Авлиё Пол йўллари мавжуд. Анталиядаги Каш маҳалласи дунёдаги энг яхши 10 та шўнғиш нуқталаридан бири ҳисобланади.  Белек бир вақтнинг ўзида жаҳон даражасидаги гольф майдонлари билан эътирофга сазовор.

Анталия Ўрта ер денгизи ҳавзасидаги кўплаб табиий мўъжизалари билан танилган Афёнкараҳисар, Анталия, Бурдур, Испарта ва Кония вилоятлари чегаралари ичидаги ҳудудни ўз ичига олган Акшеҳир, Бурдур, Бейшеҳир, Эирдир, Ковада ва Салда каби 16 та кўлга эга бўлган минтақадир.

Турк халқининг асосий атиргул ва лаванда етиштириладиган ҳудуди Испарта туманида жойлашган бўлиб, у Ўрта ер денгизининг табиий гўзаллигидан баҳраманд бўлишни истаганлар учун турли имкониятларни тақдим этади. Торос тоғларининг нариги томонидаги ушбу яширин марваридларни ўрганаётганда бинафша рангдаги лаванталарнинг жозибакор манзарасига ажабланмасдан илож йўқ.

Шунингдек, Ўрта ер денгизи ошхонаси Туркиянинг энг бой ва энг хилма-хил таомлари билан барча нозиктаъб инсонларнинг ҳам эътиборини тортади. Органик зайтун мойи билан тайёрланган сабзавотли ва гўштли таомлар зираворлар билан биргаликда ўзгача ҳисни уйғотади, балиқ ва денгиз маҳсулотлари янада хуштаъмлиги билан ажралиб туради.

 

ЎзА