Шу кунларда АҚШ пойтахти Вашингтонда Халқаро валюта фонди ва Жаҳон банки гуруҳининг баҳорги мажлиси бўлиб ўтяпти.

БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад мазкур анжуманда чиқиш қиларкан, жаҳон молиявий архитектураси номукаммал эканини қайд этди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда ўта қашшоқ аҳолиси нисбатан кўп 53 ривожланаётган мамлакат қарзга ботган. Бу давлатларнинг 25 таси ўз даромадининг 20 ёки янада кўпроқ фоизини фақат ташқи қарзни тўлашга сарфламоқда.

– Ушбу муаммолар жаҳон молия архитектураси мукаммал эмаслигини кўрсатади, – деди Амина Муҳаммад. – Биз тизимга тузатиш киритишимиз ва янги Бреттон-Вуд тизимини шакллантиришимиз керак.

Аввалроқ БМТ Бош котиби эҳтиёжманд мамлакатлар учун йилига 500 миллиард доллар ажратиш, бу давлатларнинг ташқи қарз муаммосини ҳал қилиш ва қарз харажатини камайтиришга эришиш, инқироз пайтида кутилмаган ҳолатлар учун маблағ тақдим этишни таклиф қилган эди.

Глобал молия архитектураси ислоҳоти ўзаро боғлиқ беш соҳадаги муаммони ҳал этиши керак: глобал иқтисодий бошқарувни ислоҳ қилиш, суверен қарздаги бўшлиқни ёпиш, халқаро давлат молиясини қайта ташкил қилиш, глобал молия хавфсизлиги тармоғини мустаҳкамлаш, банк ва молия тизими қонун-қоидасини ўзгартириш шулар жумласидан.

Маълумот ўрнида эслатиб ўтамиз, ушбу тадбирларда марказий банк раҳбарлари, молия вазирлари, хусусий компаниялар, фуқаролик жамияти ва академик доира вакиллари йиғилиб, жаҳон иқтисодиётининг бугунги ҳолати, иқтисодий ўсиш истиқболи, молиявий барқарорлик ва қашшоқликни қисқартириш каби долзарб масалаларни муҳокама қилиняпти.

Г. Абдуллаева, ЎзА