Эрон Ислом Республикасининг “IRNA”, “irannewsagency” каби етакчи ахборот агентликлари Самарқандда бўлиб ўтган Афғонистонга қўшни давлатлар вазирлари тўртинчи учрашуви ҳақида мақола эълон қилди.
Нашр форум давомида томонлар Афғонистондаги мавжуд вазият, ушбу мамлакат амалдаги расмийлари томонидан жаҳон ҳамжамиятининг инклюзив ҳукумат яратиш, аёллар учун меҳнат ва таълим олиш имконияти ҳамда миллий озчилик ҳуқуқини таъминлаш сингари асосий талаблар бажарилиши муҳокама этилганини ёзган.
Муаллиф Афғонистон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат миллий иқтисодиётини тиклашга қаратилган биргаликдаги ҳаракатлар механизмини яратиш зарурлиги таъкидлангани, халқаро террор, гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилиши ва ноқонуний айланмасига қарши кураш чора-тадбирларини кучайтириш муҳимлиги қайд этилгани, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликнинг асосий омили сифатида Афғонистон салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳимлиги урғуланганига эътибор қаратган.
Мақола сўнгида учрашув якуни бўйича Самарқанд декларацияси қабул қилингани таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА