Бу ҳақда жума куни расмий «Нейтральный Туркменистан» газетаси хабар тарқатди, дейилади ТАСС хабарида. Хабар куни кеча бўлиб ўтган Давлат хавфсизлик кенгаши мажлисида маълум қилингани айтилмоқда.

Газетанинг ёзишича, Давлат хавфсизлик кенгаши котиби, мамлакат мудофаа вазири Бегенч Гундўғдиев мамлакат қуролли кучларининг бош қўмондони, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ўқув машқларига тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида ахборот берган. Машқлар қачон бошланиши ҳақида аниқлик киритилмаган.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон мудофаа ҳарбий доктринасига содиқлигини айтиб,  машқларга юқори даража тайёргарлик кўриш зарурлигини, бунда эътиборни Миллий армиянинг барча тузилмалари фаолиятини вақт талабига мос равишда ташкил этишга қаратиш зарурлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, унинг айтишича, биринчи навбатда, ҳарбий соҳада дунёнинг илғор  тажрибаларини ўрганишга эътибор қаратиш лозим.

Мамлакат ҳаво кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмаларнинг аввалги ҳарбий-дала машқлари ўтган йил октябрь ойида бўлиб ўтган эди.