Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Евроиттифоқ Хитойнинг юксалишидан қўрқмаслигини таъкидлаб, Пекинни тинчлик ва хавфсизлик учун зиммасига кўпроқ масъулият олишга чақирди.

Аввалроқ Боррель коронавирусга чалингани учун Хитойга ташрифини бошқа кунга қолдиришини маълум қилган эди.

“Биз Хитойнинг юксалишидан қўрқмаймиз. Бироқ, биз биламизки, эртанги кун тарихи Хитой ўзининг қудратидан қандай фойдаланишига боғлиқ”, – деб ёзди Боррель Европа  ташқи сиёсат хизмати сайтида. Ушбу сўзлар унинг Пекинда ўқиб берадиган маърузасидан келтирилгани айтилмоқда.

Боррелнинг таъкидлашича, дунё кескин иқлим ўзгаришига ҳамда коронавирус пандемияси оқибатларига биргаликда қарши туриши лозим. ЕИ дипломатияси раҳбарининг фикрича, “Хитой ва ЕИ мустаҳкам иқтисодий муносабатларга” эга. Бироқ, ҳозирда   ЕИ билан Хитой ўртасида номутаносиблик юзага келган, буни бартараф қилиш керак.

Боррелнинг таъкидлашича, Евроиттифоқ айрим хомашёлар, хусусан, кобальт марганец ва магний бўйича Хитойга ҳаддан ортиқ “қарам” бўлиб қолган. Шу билан бирга, ЕИ агар ҳаётий муҳим манфаатлари хавф остида қолса ушбу “қарамлик”ни  зудлик билан бартараф эта олади.

“Биз ҳали ҳам “Ягона Хитой” сиёсатига  содиқмиз. Биз унга шубҳа билан қараш учун сабаб қидирмаймиз. Лекин статус-квони куч ёрдамида ўзгартиришга бўлган ҳар қандай уринишни қабул қилиб бўлмайди”, – деб ёзди Боррель.

Боррель, шунингдек, маърузасида инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам тўхталган ва ЕИ ва Хитойда мазкур мавзу  бўйича “чуқур ва жиддий” келишмовчиликлар мавжудлигини таъкидлаган.