“Катта еттилик” давлатларининг атроф-муҳит вазирлари фойдали қазилмаларни етказиб беришни барқарорлаштириш учун ҳаракатлар режасини қабул қилмоқчи. Бу борада биринчи навбатда, аккумуляторлар ва электр двигателлари учун компонентлар сифатида қўлланиладиган материаллар кўзда тутилмоқда, деб ёзмоқда Yomiuri газетаси.
Хабарда таъкидланишича, режа G7 мамлакатларининг атроф-муҳит вазирлари иштирокида 15-16 апрель кунлари Саппорода бўлиб ўтадиган музокаралардан кейин қабул қилинади.
Нашрнинг маълум қилишича, бу ерда гап кобальт, литий ва никель каби фойдали қазилмалар ҳақида бормоқда. Томонлар тоғ-кон саноатини ривожлантиришга 1 триллион иена (7,54 миллиард доллар) сармоя жалб қилишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, G7 вазирлари ис газининг ҳавога тарқалишини пасайтиришга қаратилган сиёсатни давом эттириш масаласини ҳам муҳокама этади, дейилади хабарда.