Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги хабарига кўра, давлат етакчиси Ким Чен Ин янги қаттиқ ёнилғида ишлайдиган “Хвасон-18” мажмуаси мамлакатнинг ядровий қарши ҳужумга тайёрлигини ошириш, Шимолий Кореянинг стратегик тўхтатувчи кучларини қайта қуриш, ҳужумкор ҳарбий стратегиянинг амалийлигини тубдан ўзгартириш, ярим оролдаги вазиятни кескинлаштираётган томонларга қарши чора сифатида қўллашга хизмат қилишини билдирди.
Кеча КХДР янги “Хвасон-18” қаттиқ ёнилғили қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказгани ҳақида хабар тарқалганди.
“КХДР раҳбари Ким Чен Ин биринчи синовни жойида, шахсан назорат қилди. Бу тадбир янги стратегик қурол тизимининг ҳарбий жиҳатдан самарадорлигини баҳолаш, синовдан ўтказиш мақсадини кўзлади.
Таъкидланишича, учиш чоғида атрофдаги мамлакатлар хавфсизлиги инобатга олинган. Иккинчи ва учинчи оёқ “кечиктирилган ажратиш” усули ёрдамида, ракета баланд бурчак остида учаётганда ажратилган. Биринчи босқич стандарт парвоз шароитида амалга оширилган. КХДР зинапоялар қулайдиган аниқ жой ҳақида маълумот бериб, амалиёт қўшни давлатлар хавфсизлигига ҳеч нарса таҳдид солмаганини айтди.
Ким Чен Ин Корея ярим оролидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият кундан кунга ёмонлашиб бораётгани ва шу боис келгуси эҳтимолий ҳарбий таҳдидга жавобан, янада илғор ва кучли қурол тизими жадал ривожлантирилишини қайд этди.
Маълумот ўрнида келтириш мумкин, Пхеньяннинг янги қаттиқ ёнилғи билан ишлайдиган қитъалар аро баллистик ракеталари илк бор 8 февраль куни Корея Халқ Армияси ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан уюштирилган махсус намойишда пайдо бўлди. Парадда янги ракеталар «571», «573», «574» каби рақамли белгилар билан ҳимоявий рангга бўялган 9 ўқли мобил ишга тушириш мосламаси – контейнерда жойлаштирилган эди.
Дарвоқе, янги ракеталар ўқи аввалги 11 ўқли “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетасидан камроқ. Узунлиги ҳам, шунга яраша, 22-24 метр, дея тахмин қилиняпти.
ЎзА