Қатар ва Баҳрайн 2017 йилда узилган дипломатик муносабатларни тиклашга келишиб олдилар. Бу ҳақда Қатар Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

ТИВ веб-саҳифасида эълон қилинган баёнотга кўра, Баҳрайн – Қатар кузатув қўмитасининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтган. Унда “БМТ Низоми ва 1961 йилдаги Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенцияси тамойилларига мувофиқ равишда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатларни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинган”.

Йиғилиш Ар-Риёддаги Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши Бош котибияти қароргоҳида бўлиб ўтган.

“Икки тараф ҳам бу қадам икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, интеграцияни рағбатлантириш ва кўрфаз мамлакатлари бирлиги Низоми мақсадларига мувофиқ мустаҳкамлаш, тенглик ва яхши қўшничилик, миллий суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик тамойилларини ҳурмат қилишларини яна бир бор тасдиқлашди”, дейилади баёнотда.

2017 йилнинг ёзида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Миср Дохани терроризмни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ички ишларига аралашишида айблаб, Қатар билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилишган эди.

 

ЎзА