Хитой Афғонистоннинг мустақиллиги ва суверенитетини ҳурмат қилади, унинг ички ишларига аралашмайди ва бу давлатга нисбатан шахсий манфаатларини кўзламайди. Бу ҳақда ХХР Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган ҳужжатда айтилади, унда 11 бандда Пекиннинг Афғонистон масаласи бўйича позицияси баён этилган.

“Хитой Афғонистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, афғон халқининг мустақил танловини, унинг диний эътиқоди ва этник урф-одатларини ҳурмат қилади”, дейилади ҳужжатда.

ХХР Афғонистон очиқ ва инклюзив сиёсий тузилма яратишига, мувозанатли ички ва ташқи сиёсат олиб боришига, бошқа давлатлар, айниқса, қўшнилар билан дўстона муносабатларни сақлашига умид билдиради.

Пекин Афғонистонни қайта тиклаш ва ривожлантириш учун ўз имкониятлари доирасида ёрдам кўрсатишни давом эттиради, турли кўмак мажбуриятларини режалаштиради ва амалга оширади.

“Хитой Афғонистоннинг “Бир макон, бир йўл” қўшма қурилишидаги иштирокини олқишлайди”.

Шунингдек, Хитой афғон қочқинлари тақдиридан хавотирда экани ҳамда икки ва кўп томонлама каналлар орқали инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этиши айтилади.

Хитой Афғонистон бўйича ўз қарашларини 13 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтадиган қўшни давлатларнинг тўртинчи вазирлар конференцияси арафасида эълон қилди.

ЎзА