Форс кўрфазидаги араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ўз йиғилишида Суриянинг Араб давлатлари лигасига тўлиқ аъзолигини тиклаш масаласини муҳокама қилмоқчи. Бу ҳақда “Al-Hadath” телеканали хабар берди.
Айтилишича, кўрфаз ҳамкорлик кенгаши “Сурияни Араб лигасига қайтиш имкониятини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказишга чақирган”.
Кенгашга Баҳрайн, Қатар, Кувайт, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон ва Саудия Арабистони киради.
Қатар Ташқи ишлар расмий вакили Мажид аль-Ансорийнинг сўзларига кўра, “Доха аллақачон келаётган жума куни Жидда шаҳрида ўтадиган Кенгаш йиғилишига таклифномани олган”.
Унинг таъкидлашича, “бўлажак учрашувда Суриядаги вазият муҳокама қилинади ва унинг Араб лигасига қайтиши бўйича фикр алмашилади”.
Суриянинг Араб лигаси аъзолиги 2011 йил ноябрь ойида мамлакатда бошланган ички инқироз авжига чиққан пайтда тўхтатилган эди.
ЎзА