АҚШ Президенти Жо Байден жосусликда гумон қилиниб, Россияда қўлга олинган “Wall Street Journal” журналисти Еван Гершковичнинг оила аъзолари билан телефон орқали гаплашди. Бу ҳақда мухбирнинг оиласи баёнотида айтилади, деб хабар берди “”ТАСС” агентлиги.
“Президентнинг бугун бизга телефон қилганидан миннатдормиз. У АҚШ ҳукумати Эванни тезроқ уйига қайтиши учун барча имкониятни ишга солаётганига ишонтирди”, дейилади хабарда.
Президент, шунингдек, Гершковичнинг ноқонуний ушлаб турилиши тўғрисида Давлат департаменти чиқарган қарорни маъқуллаб гапирди.
“Биз содир бўлаётган воқеалар мутлақо ноқонуний эканлигини очиқ айтмоқдамиз. Биз бу ҳақда эълон қилдик ва бу вазиятни ўзгартиради”, деб баёнот берди Байден.
Аввалроқ Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби Қўшма Штатлар маъмурияти Гершковичнинг озод этилишини таъминлаш бўйича турли идоралар билан мунозаралар олиб борилаётгани ҳақида маълумот берган эди.
ЎзА