ChatGPT чат-боти Россия билан Украина ўртасида тинчлик шартномаси лойиҳасини тайёрлади. У ушбу вазифани Германиянинг Berliner Zeitung нашри сўровига биноан тайёрлагани айтилмоқда.
ChatGPT Чат-ботга ГФР федераль канцлери Олаф Шольц номидан РФ Президенти Владимир Путин ва Украина Президенти Владимир Зеленскийга тинчликка чақирувчи мактуб тайёрлаш вазифаси юклатилган.
Путинга ёзилган мактубда жумладан, Германия хавфсизлик борасида Россиянинг қонуний манфаатларини инобатга олиши таъкидланган.
Сунъий интеллектнинг Украина можаросини ҳал қилиш бўйича тайёрлаган тинчлик шартномаси лойиҳасида қуйидаги бўлимлар мавжуд: ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, қўшинларни дастлабки позицияларга қайтариш, Халқаро тинчликпарвар кучлари назорати остида можаро кечаётган чегаралар бўйлаб қуролсизланган зонани яратиш, Донецк ва Луганскка Украина таркибида мухторият мақомини бериш, ушбу ҳудудларда рус тилида сўзлашадиган аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни қонун билан мустаҳкамлаш.
Бундан ташқари, тинчлик шартномаси лойиҳасида можаро иштирокчилари ўртасида муносабатларнинг яхшиланиши зарурлиги кўрсатилган, зарар кўрган ҳудудларни тиклаш учун масъулият халқаро ҳамжамият ҳамкорлигида икки томон зиммасига юклатилади.
Мазкур шартноманинг бажарилишини БМТ, ЕИ, ва ЕХҲТ кузатиб бориши таъкидланади.
ChatGPT 2022 йил ноябрда ишга туширилгандан кейин бир ҳафтага қолмай миллиондан ортиқ фойдаланувчини тўплаб машҳурликка эришган эди.
Унинг суҳбатларни имитация қилишига қараб, сунъий интеллект кучли ёзувчиларни ҳам ортда қолдириши ва ҳатто Google нинг асосий қидирув бизнесига хавф туғдириши мумкинлиги ҳақида гапирила бошланган эди. Мазкур Бот OpenAI компаниясига тегишли бўлиб, унинг асосчиларидан бири Илон Маск ҳисобланади.