Учувчисиз ўзи учар қурилмалар қўнадиган дунёда биринчи “Анадолу” десант кемаси Туркия ҳарбий денгиз кучларида хизматга киришди, деб ёзмоқда Anadolu агентлиги.

Душанба куни янги кеманинг ишга туширилиши маросимида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирок этган.

“Мазкур десант кемаси дунёнинг исталган нуқтасида ҳарбий ва гуманитар амалиётларда фойдаланиш учун барча имкониятга эга. TCG Anadolu кемаси туфайли Туркия технологиялар соҳасида ҳамда  жойларда вазиятнинг тез ўзгариши шароитида тизимлар ва ечимлар бўйича дунё етакчисига айланади”, – деди Эрдоған.

TCG Anadolu лойиҳасининг амалга оширилиши 2016 йил апрелда бошланган. Кема 2019 йил майда сувга туширилган, 2022 йил июндан бошлаб Туркия флоти флагманининг синовлари давом этиб келади.

“Кеманинг  Туркия технологияси билан таъминланиш даражаси 70 фоизга етказилган”, – деди президент.

Узунлиги 231 метр ва эни 32 метр келадиган кемага бир батальон десантни жойлаштириш мумкин ва дунёнинг исталган ҳудудига тезкор равишда етиб боради, дейилади хабарда.

Президент Эрдоғаннинг таъкидлашича, Туркия мудофаа саноатини ривожлантириш осон вазифа бўлмаган. Унинг айтишича, сўнгги икки ўн йилликда Туркия мудофаа саноати жуда жадал ривожланди, буни  “технологик инқилоб”, деб бемалол айтса бўлади.

“Бундан йигирма йил аввал, яъни биз энди давлат тепасига келганимизда Туркиянинг мудофаа лойиҳалари бюджети атиги 5,5 миллиард долларни ташкил этар эди. Ҳозир бу кўрсаткич 60 миллиард доллардан ошмоқда. Мудофаа маҳсулотлари экспорти рекорд даражага чиқиб, 4,4 миллиард долларни ташкил этмоқда. Мудофаа секторида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улуши 80 фоизга чиқди. Буларнинг барчаси замонавий Туркиянинг муваффақиятлари ҳисобланади”, – дея таъкидлаган у.

Президентнинг таъкидлашича, Туркияда сўнгги ўн йилликда мудофаа лойиҳалари сони  62 тадан  750 тагача ошган, Ҳарбий саноат комплекси соҳасида фаолият олиб бораётган компаниялар сони 2,7 мингга етган.