Россия-Украина
Украина атрофидаги зиддиятга алоқадор Пентагон махфий материалларининг Интернетга сиздирилиши АҚШнинг Киевни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга таъсир қилмайди. Бу ҳақда Оқ уй Миллий хавфсизлик хизматидаги стратегик коммуникациялар бўйича мувофиқлаштирувчи Жон Кирби маълум қилди.
“Bloomberg” агентлигининг хабарида мазкур ҳужжатларнинг тарқаб кетиши бундан буён Вашингтоннинг Киевга кўмаклашишини мураккаблаштиради.
АҚШ Давлат департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, Бош котиб Энтони Блинкен Японияда ўтадиган “G7” гуруҳига аъзо далатларнинг ташқи ишлар вазирлари учрашувида ядро қуролини тарқатмаслик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги масалалари билан бир қаторда Украина можаросини муҳокама қилади.
Мазкур йиғилиш Япония Нагано вилоятининг Каруидзава районида 16-18 апрель кунлари бўлиб ўтиши режаланган.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий ҳаво қўмондонлиги вакили Юрий Игнатнинг баёнотига кўра, Киев Ғарбнинг тўртинчи авлоди бўлган қирувчи учоқларни яна узоқ вақт кутишига тўғри келади.
“Улар орасида Американинг “F-16” қирувчилари бор эди. Шунингдек, Британиянинг “Typhoon”, Швециянинг “Gripen”, Франциянинг “Rafale” русумли самолётлари ҳақида гап борган эди. Бизга булар бугун жуда зарур”, деди у «Рада» телеканалига берган интервьюсида.
Президент Владимир Зеленский аксилҳужумда Киевга ёрдам берса, Украинанинг ғарбий ҳудудларини Польшага бериши тўғрисида ваъда берди, деб баёнот берди “NDP” портали соҳиби Марек Галась.
Польша Президенти Анджей Дуданинг Киевга ташрифи чоғида “мислсиз таклиф”ни илгари сурди – у Зеленскийга ёрдам эвазига Волин, Ровень ва Львов вилоятларини сўраган, деб ёзди Галась.
Мақола муаллифига кўра, Зеленский таклифни рад ҳам, инкор ҳам етмаган.
Исроил Украинага гуманитар ёрдам беришда давом этади, Киевга қурол-аслаҳа етказиб бериш тўғрисида ҳали қарор қабул қилинмаган, деб баёнот берди Бош вазир Биньямин Нетаньяху.
Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис Украинага қанча лозим бўлса, шунча уни қўллаб-қувватлашга тайёр, деб баёнот берди. Бу ҳақда у Зеленский билан телефон мулоқоти давомида айтиб ўтган.
Ҳукуматнинг матбуот хизмати хабарида “Греция Украинани ўз суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги ҳимояси ишида тўла қувватлайди, греклар украин халқи билан биргадир”, дейилади.
Даниядан “Caesar” ўзиюрар артиллерия ускуналари Украинага май ойида, “Leopard 1” танклари эса ёзда етиб келади, деб баёнот берди мамлакат мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Троэльс Лунд Поульсен.
Украина ва Россия ҳарбий асирларни алмашишни амалга оширди, деб хабар берди Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак. Рус асирлигидан 100 киши қайтиб келди.
Россия Мудофаа вазирлиги хабарида 106 рус ҳарбий хизматчилари қайтгани айтилади.
Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Эмине Жапарованинг баёнотига кўра, Деҳлига ташрифи давомида у Зеленскийнинг Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модини Киевга сафар билан келишга таклиф этган мактубини топширган.
“CNBC-TV18”нинг хабар беришича, шунингдек, “Зеленский Моди билан телефон орқали мулоқот ўтказишни сўраган”.
Олий Рада Россия билан давлат чегараларидан ўтиш ва транспорт тарифлари бўйича битимларнинг амал қилишини тўхтатди, деб маълум қилди Рада депутати Ярослав Железняк.
Ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида қонун лойиҳалари парламент мажлисида бир овоздан қабул қилинган, деб хабар берди.
Аброр ХОН,
ЎзА