Филиппин ўз ҳудудидаги ҳарбий объектлардан ҳеч қандай ҳужум амалиётлар учун фойдаланишга йўл қўймайди, деди Республика президенти кичик Фердинанд Маркос душанба куни журналистлар билан учрашувда.

Мамлакат етакчиси Филиппин АҚШга яна тўртта ҳарбий база учун рухсат бергандан бир ҳафта ўтиб ушбу баёнотини бергани айтилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ушбу келишув икки мамлакат ўртасида мудофаа ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича битимга (EDCA) мувофиқ амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Маркос Хитойнинг EDCA базалари минтақадаги тинчликка таҳдид солади, деб берган баёнотига ҳам баҳо берди.

“Хитойнинг муносабати ҳайрон қоларли эмас, аслида, чунки улар хавотир олмоқда, бироқ Филиппин ўз ҳудудидаги ҳарбий базалардан ҳужум амалиётлари учун фойдаланишга йўл қўймайди”, – дея келтиради унинг сўзларини ABS – CBN медиагуруҳи. – Улардан фақат зарурат туғилганда Филиппинга ёрдам кўрсатилиши учун фойдаланилади”.

“Агар бизга ҳужум қилишмаса, уларнинг хавотир олишига ҳеч қандай сабаб бўлиши мумкин эмас, чунки биз улрга ҳужум қилиш ниятимиз йўқ, – дея таъкидлаган президент Маркос. – Биз фақат мамлакатимиз ҳудудини ва мудофаа қобилиятимизни мустаҳкамлашда давом этмоқдамиз”.

АҚШ билан Филиппин ўзаро хавфсизликни таъминлаш  соҳасида кўп йиллардан буён  хамкорлик қилиб келади. Ушбу иттифоқ ўзида ўзаро мудофаа тўғрисидаги Шартномани ва 2014 йилда имзоланган EDCA пактини ифода этади. Мазкур келишувлар АҚШ қўшинларининг Филиппиндаги бешта ҳарбий базада ҳамда баҳсли сув ҳудудларида ҳаракат қилиш имконини беради. Энди ушбу пактнинг кенгайтирилиши муносабати билан  АҚШнинг эркин ҳаракат қила оладиган базалари камида тўққизтага етказилди.