Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов бувиси вафот этгани сабабли 10-11 апрель кунлари Тожикистонга режалаштирган ташрифини бекор қилди. Asia-Plus ахборот агентлиги Тожикистон раҳбарининг матбуот хизмати берган маълумотга таяниб ушбу хабарни тарқатди.

Шунингдек, шанба кунга мўлжалланган Тожикистон ва Туркманистон Тадбиркорлар кенгашининг  биринчи мажлиси ҳамда якшанба куни бўлиб ўтиши кутилаётган икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес анжумани  ҳам бошқа вақтга қолдирилгани айтилмоқда.

Жума куни Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон Туркманистон президентининг отаси,  Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга онаси Огулабат Бердимуҳамедова вафот этгани муносабати билан таъзия билдирган эди.

Туркманистоннинг TDH агентлиги ёзишича, Огулабат Бердимуҳамедова 86 ёшида ҳаётдан кўз юмган.